ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
25.12.1998 й.
N 723-I
РЕКЛАМА ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган
ЎзР 30.08.2002 й. 404-II-сон Қонуни,
ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни,
ЎзР 19.12.2005 й. ЎРҚ-14-сон Қонуни,
ЎзР 04.04.2006 й. ЎРҚ-28-сон Қонуни,
ЎзР 10.10.2006 й. ЎРҚ-59-сон Қонуни,
ЎзР 10.04.2008 й. ЎРҚ-150-сон Қонуни,
ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонуни,
ЎзР 06.10.2010 й. ЎРҚ-264-сон Қонуни
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва вазифалари
2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланиш соҳаси
3-модда. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
4-модда. Асосий тушунчалар
5-модда. Рекламанинг тили
6-модда. Рекламага доир асосий талаблар
7-модда. Вояга етмаганларга мўлжалланган рекламага оид чеклашлар
8-модда. Реклама берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
9-модда. Реклама тайёрловчи ва тарқатувчининг ҳуқуқ
ҳамда мажбуриятлари
10-модда. Рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи
11-модда. Рекламани айнанлаштириш
12-модда. Ҳомийлик
13-модда. Нотўғри реклама
14-модда. Яширин реклама
15-модда. Қиёсий реклама
16-модда. Ижтимоий рекламали ахборот
17-модда. Телевидение ва радиодаги реклама
18-модда. Босма оммавий ахборот воситаларидаги реклама
19-модда. Телефон ва ҳужжатли электрон алоқадан
фойдаланиладиган тарздаги реклама
20-модда. Ташқи реклама
21-модда. Транспортдаги ва почта жўнатмаларидаги реклама
22-модда. Дори воситалари, тиббий буюмлар, косметика ва
маиший кимё воситалари рекламаси
23-модда. Тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли
ичимликлар рекламаси
24-модда. Қурол-яроғ рекламаси
25-модда. Қимматли қоғозлар ва аҳолининг маблағларини
жалб этиш билан боғлиқ хизматлар рекламаси
26-модда. Реклама материалларини сақлаш муддатлари
27-модда. Реклама ахборотига тааллуқли
ҳужжатлар ва материаллар олиш
28-модда. Аксилреклама
29-модда. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини
бузганлик учун жавобгарлик
30-модда. Низоларни ҳал этиш
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва вазифалари
Ушбу Қонуннинг мақсади рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
юридик ва жисмоний шахслар ёки маҳсулотлар тўғрисида ахборот оқимини шакллантириш;
тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш;
рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчанлик обрўсига, атроф-муҳит ҳолатига тажовузидан ҳимояланиш чораларини таъминлаш;
маҳсулотнинг характери, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотлар реклама воситасида тарқатилишининг олдини олиш.
2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланиш соҳаси
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилади.
Ушбу Қонун ижтимоий воқеаларни, сиёсий партияларнинг, диний ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг манфаатларини акс эттирувчи ва (ёки) уларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ахборот билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.
3-модда. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Қорақалпоғистон Республикасида реклама соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
4-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
реклама-бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот; (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги хат боши)
реклама берувчи — рекламани тайёрлаш ва (ёки) тарқатиш учун унга буюртмачи бўлган шахс;
реклама тайёрловчи — реклама тайёрлашни тўлиқ ёки қисман амалга оширувчи шахс;
реклама тарқатувчи — реклама воситалари орқали реклама тарқатишни амалга оширувчи шахс;
рекламадан фойдаланувчи — реклама йўналтирилган шахс ёки шахслар гуруҳи;
реклама воситалари — рекламани ундан фойдаланувчига етказиш учун ишлатиладиган воситалар;
маҳсулот — товарлар, ишлар, хизматлар;
аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни бартараф этиш мақсадида тарқатиладиган раддия. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги хат боши)
5-модда. Рекламанинг тили
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.
6-модда. Рекламага доир асосий талаблар
Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир.
Рекламада қуйидагилар тақиқланади:
ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш;
жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг маҳсулотини бадном этиш;
қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг соғлиғи ёки ҳаётига ва атроф-муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек хавфсизлик воситаларига эътиборсизлик туйғусини уйғотувчи ҳаракатларга даъват қилиш;
мажбурий сертификатлаштирилиши зарур бўлган ёки ишлаб чиқарилиши ёхуд реализация қилиниши учун махсус рухсатнома (лицензия) бўлиши талаб этиладиган маҳсулотни тегишли сертификати, лицензияси бўлмай туриб реклама қилиш;
агар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, бошқа маҳсулот рекламасида қўлланиладиган умумий ечим, матн, тасвир, мусиқали ёки овозли оҳангларни айнан такрорлаш (тақлид ёки ўхшатма қилиш);
жисмоний шахснинг номи ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш;
порнографияни тарқатиш;
ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хорижий сўз ва иборалардан фойдаланиш; (ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонунига мувофиқ киритилган хатбоши)
маҳсулот давлат органлари ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш; (ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонунига мувофиқ киритилган хатбоши)
иштирок этиш учун муайян маҳсулотни олиш шарти қўйилган рағбатлантирувчи лотерея, танлов, ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа тадбир ўтказишни тадбирнинг ташкилотчисини, уни ўтказиш қоидалари ва муддатларини, бундай тадбир ҳақидаги ахборот манбаини, мукофотлар ёки ютуқлар миқдорини, уларни олиш муддатлари, жойи ва тартибини кўрсатмаган ҳолда реклама қилиш; (ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонунига мувофиқ киритилган хатбоши)
маҳсулотни товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси реклама қилиш тақиқланган ёхуд реклама қилишга нисбатан тегишли чекловлар ёки талаблар белгиланган маҳсулотнинг товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа маҳсулотнинг рекламаси кўринишида реклама қилиш. (ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонунига мувофиқ киритилган хатбоши)
7-модда. Вояга етмаганларга
мўлжалланган рекламага оид чеклашлар
Қуйидаги реклама тақиқланади:
фақат вояга етганларга мўлжалланган ёки вояга етмаганларнинг олиши ёхуд истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотни вояга етмаганлар истеъмол қилаётган ёки ундан фойдаланаётган тасвир туширилган реклама;
вояга етмаганларни маҳсулот олишга ёки реклама қилинаётган маҳсулотни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга даъват қилувчи реклама;
ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланилган реклама.
8-модда. Реклама берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Реклама берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
реклама хусусида шартнома тузиш тўғрисида ошкора таклиф (оммавий оферта) киритиш;
реклама тайёрловчи ва тарқатувчи шартномани асоссиз равишда бекор қилган ҳолларда, етказилган зарарнинг ўрнини ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилиш.
Реклама берувчи:
реклама тайёрловчи ва (ёки) тарқатувчининг талабига биноан реклама ахборотининг ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши;
агар реклама берувчининг фаолияти лицензияланиши зарур бўлса, маҳсулотни ёки реклама берувчининг ўзини реклама қилаётганда тегишли лицензияни тақдим этиши шарт.
Реклама берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва ўзга мажбуриятларни бажариши мумкин.
9-модда. Реклама тайёрловчи ва
тарқатувчининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари
Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
оммавий оферта йўлланган шахсдан белгиланган тартибда акцепт олганидан сўнг реклама берувчи шартнома тузишдан бош тортган ҳолларда, бу шахсни шартнома тузишга мажбурлаш тўғрисидаги ҳамда реклама берувчининг шартнома тузишни асоссиз равишда рад этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда реклама берувчидан тегишли лицензияни талаб қилиш.
Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи:
ушбу Қонунда белгиланган реклама фаолияти ва ҳомийлик қоидаларини бажариши;
ахборот ёки бошқа материалларни берган шахс тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз ошкор қилмаслиги;
реклама берувчи қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ахборот берган тақдирда реклама берувчини бу ҳақда вақтида хабардор этиши шарт.
Реклама тайёрловчи ва тарқатувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва ўзга мажбуриятларни бажариши мумкин.
10-модда. Рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи
Рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни тартибга солиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
11-модда. Рекламани айнанлаштириш
Реклама, уни тарқатиш шакллари ёки воситаларидан қатъи назар, бошқа ахборотдан реклама деб ҳисоблаш мумкин бўладиган даражада ажратилган бўлиши керак.
Телевидение ва радиодаги реклама бошқа дастурлардан унинг бошланиши ва охирида аудио-, видео-, аралаш воситалар ёки бошловчиларнинг шарҳлари ёрдамида ажратиб қўйилиши лозим.
Маҳсулотга қизиқишни шакллантириш ва маҳсулот реализациясига кўмаклашиш учун маҳсулотнинг муайян маркасига (моделига, артикулига) ёки унинг ишлаб чиқарувчисига истеъмолчининг эътиборини атайин жалб этувчи, шунингдек мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки тарқатувчи шахсга тааллуқли маълумотлардан (реквизитлардан) иборат ахборот материали, муаллиф ва таҳририят материали — реклама ҳисобланади ҳамда у «Реклама» ёки «Реклама ўрнида» рукни остида жойлаштирилмоғи лозим.
12-модда. Ҳомийлик
Телерадиодастурларни яратишда, бошқа оммавий ахборот воситалари учун материаллар тайёрлашда, театр-концерт, спорт тадбирлари ва бошқа тадбирларни уюштиришда ҳомийлар қатнашиши мумкин.
Реклама телевидение ва радио, аудиовизуал маҳсулот билан боғлиқ бўлган ва ҳомийлик хизматларидан фойдаланилаётган тақдирда, ҳомийлар тўғрисидаги ахборот дастурнинг бошланишида ва охирида қисқа ва аниқ қайд этилиши керак. Ҳомийнинг номи (номланиши) ёнида ёки ҳомийнинг ўрнига унинг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) кўрсатилиши мумкин.
Янгиликлар тўғрисидаги телерадиодастурларда ҳомийларнинг хизматларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ҳомийлик кўрсатилаётган шахснинг фаолиятига ҳомий аралашишга ҳақли эмас.
13-модда. Нотўғри реклама
Ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади.
Нотўғри реклама тақиқланади.
Рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) қабул қилади. (ЎзР 06.10.2010 й. ЎРҚ-264-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)
14-модда. Яширин реклама
Яширин реклама истеъмолчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда таъсир ўтказадиган, шу жумладан, махсус видеоиловалардан (қўш овозли ёзувдан) фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир ўтказадиган рекламадир.
Яширин рекламадан радио-, теле-, видео-, аудио- ва кино маҳсулотида, шунингдек бошқа маҳсулотда фойдаланишга ва уни ўзга усуллар билан тарқатишга йўл қўйилмайди.
Рекламани яширин деб топиш тўғрисидаги қарорни ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилади. (ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)
15-модда. Қиёсий реклама
Қиёсий реклама — рақобатчига ёки унинг томонидан тақдим этилаётган муайян бир турдаги маҳсулотга бевосита ёки билвосита айнанлаштириладиган рекламадир.
Агар рекламада маҳсулотнинг моддий, муҳим, ишончли хоссалари холисона ва инсофли таққосланса, агар бунда реклама ундан фойдаланувчини чалғитиб қўймаса ва чалғитиб қўйиши ҳам мумкин бўлмаса, реклама берувчи билан рақобатчининг шахси ёки реклама берувчининг ва рақобатчининг товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), фирма номи, маҳсулоти аралашиб кетмаса ҳамда рақобатчининг ишчанлик обрўсини ёки унинг товар белгисини (хизмат кўрсатиш белгисини), фирма номини, маҳсулоти ёки фаолиятини бадном этмаса, қиёсий рекламага йўл қўйилади.
16-модда. Ижтимоий рекламали ахборот
Ижтимоий рекламали ахборот соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергия ресурсларини сақлаб қолиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборот, шунингдек нотижорат йўсиндаги бошқа ахборотдир.
Шахсларнинг ижтимоий рекламали ахборотни текинга тайёрлаш ва тарқатишга доир фаолияти, ўз мол-мулкини (шу жумладан, пул маблағларини) ижтимоий рекламали ахборот тайёрлаш ва тарқатиш учун бошқа шахсларга бериши ҳайрия фаолияти деб эътироф этилади. Бундай шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадилар.
Реклама тарқатувчилар реклама учун ажратилган эфир вақти, нашр ёки реклама майдони умумий йиллик ҳажмининг 5 фоизидан кам бўлмаган ҳажмда ижтимоий рекламали ахборотни жойлаштириши шарт. Бунда фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган реклама тарқатувчилар ижтимоий рекламали ахборотни бепул жойлаштиради. (ЎзР 10.04.2008 й. ЎРҚ-150-сон Қонуни таҳриридаги қисм), (Олдинги таҳририга қаранг)
17-модда. Телевидение ва радиодаги реклама
Телерадиоташкилотлар учун рекламага ажратилган кўрсатув (эшиттириш) вақти кўрсатувнинг (эшиттиришнинг) ҳар бир соатига 10 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Бу талаб кўрсатувнинг (эшиттиришнинг) ихтисослаштирилган рекламавий каналларига татбиқ этилмайди.
45 минутдан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 45 минутлик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкин. Реклама бу кўрсатувларнинг (эшиттиришларнинг) бошланиши олдидан ва (ёки) улар тугаганидан сўнг жойлаштирилиши ҳам мумкин. 10 минутдан кам давом этадиган телекўрсатувларга (радиоэшиттиришларга) умуман, 10 минутдан ортиқ давом этадиган телекўрсатувларга (радиоэшиттиришларга) эса бу телекўрсатувларнинг (радиоэшиттиришларнинг) муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишмасдан туриб реклама жойлаштирилиши мумкин эмас.
Давлат анжуманлари ва маросимлари олиб кўрсатилаётган (эшиттирилаётган) пайтда уни узиб туриб рекламани кўрсатиш (эшиттириш) тақиқланади.
Болалар даврасига (ўн тўрт ёшгача бўлганларга) мўлжалланган кўрсатувларда (эшиттиришларда) реклама тақиқланади. Бу тақиқ ижтимоий рекламали ахборотга татбиқ этилмайди.
Дастурларнинг реклама қисмлари товушини телерадиодастурнинг товушига нисбатан баландроқ қилиш тақиқланади. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
Телекўрсатувлар намойиш этилаётганда реклама мақсадларида ҳаракатланувчи сатрлардан фойдаланиш тақиқланади, реклама берилаётган пайтдаги ҳаракатланувчи сатрлар бундан мустасно. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
ЎзР 30.08.2002 й. Қонунига мувофиқ бешинчи ва олтинчи қисмлари тегишинча еттинчи ва саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин
Телекўрсатувларнинг бошловчилари, дикторлари ва бошқа қатнашчилари реклама учун ажратилган вақтдан ташқари пайтда маҳсулотни билатуриб намойиш қилиш ёки унинг истеъмол хусусиятларини бевосита ёки билвосита тавсифлаш ҳуқуқига эга эмас.
Телевидение ва радио ходимларига ахборот ниқоби остида реклама билан шуғулланиш, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчининг реквизитларини, жойлашган манзилини, телефон рақамини, маҳсулотнинг тижорат белгиларини кўрсатиш тақиқланади.
18-модда. Босма оммавий ахборот воситаларидаги реклама
Босма оммавий ахборот воситаларидаги рекламанинг ҳажми, мавзусини шу оммавий ахборот воситаларининг ўзлари мустақил белгилайди. Обуна бўйича тарқатиладиган босма воситалар обуна шартларида нашрнинг умумий ҳажмидаги реклама миқдорини кўрсатишлари шарт.
Реклама йўсинидаги хабарлар ва материалларни бериб боришга ихтисослашмаган даврий босма нашрларда реклама даврий нашр бир сони ҳажмининг 40 фоизидан ошиб кетмаслиги шарт, қолган реклама бепул илова тарзида берилиши керак.
19-модда. Телефон ва ҳужжатли электр
алоқадан фойдаланиладиган тарздаги реклама
Телекс ва факсимиль алоқа ёрдамида реклама қилишга, агар олувчининг махсус сўрови бўлмаса, бир манзилга бир варақдан ортиқ бўлмаган ҳажмда бир марта жўнатишга йўл қўйилади.
Маҳаллий, шаҳарлараро ёки халқаро телефон алоқасидан фойдаланилган ҳолда кўрсатиладиган хизматлар рекламаси реклама воситаларида тарқатилган тақдирда қуйидаги аниқ ахборотлардан таркиб топган бўлиши керак:
хизматнинг пулли ёки текин йўсинда эканлиги ҳамда унинг қиймати тўғрисидаги ахборот;
таклиф этилган хизматнинг мазмуни тўғрисидаги ахборот;
хизмат истеъмолчилари доирасига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган ҳамда хизматнинг ишлаб чиқарувчиси томонидан белгиланган — ёшга доир ва бошқа чеклашлар тўғрисидаги ахборот;
телефон алоқа каналидан пулли фойдаланиш ва тегишли минтақада хизматдан 1 минут фойдаланишнинг қиймати тўғрисидаги ахборот.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ахборот реклама хизматини тақдим этиш учун фойдаланиладиган телефон рақами терилган шрифт ҳажмининг камида ярмига тенг ҳажмдаги шрифт билан босилиши шарт.
Милиция, тез тиббий ёрдам, ёнғиндан сақлаш ва шу каби хизматларнинг бепул хизмат кўрсатадиган телефон рақамларидан реклама тарқатиш учун фойдаланиш тақиқланади.
20-модда. Ташқи реклама
Ташқи рекламага алоҳида махсус конструкцияларда, тахталавҳаларда, экранларда, биноларда, иншоотларда, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянчлари ва ҳоказоларда жойлаштириладиган реклама киради. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
Ташқи рекламани жойлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида белгиланади.
Муайян шахс эгаллаб турган бинонинг ташқи томонида, бинога кириш жойида шу шахс тўғрисида жойлаштирилган ёки мазкур шахснинг маҳсулоти ҳақида шу бино витринасидаги ахборот (пешлавҳа) реклама деб ҳисобланмайди ва бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш талаб этилмайди.
Ташқи рекламани кўча ёритгичларининг таянчларида ҳамда кўча ва йўллар қатнов қисми узра жойлаштириш хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилган ҳолда ва йўл белгилари, светофорлар, чорраҳалар, пиёдаларнинг ўтиш жойлари, умум фойдаланишдаги транспорт воситалари бекатларини тўсиб қўймаган ҳолда, шунингдек бундай реклама йўл белгилари ва тасвирини такрорламаган (ёки айнан тақлид қилмаган) тақдирда амалга оширилади. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
Табиатни муҳофаза қилиш объектлари доирасида ташқи рекламани жойлаштиришга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ёки тегишли давлат бошқаруви органларининг ваколат доирасида улар билан келишилган ҳолда рухсат берилади.
Ташқи рекламани маданий мерос объектларида, йўл белгиларида ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланади. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
21-модда. Транспортдаги ва
почта жўнатмаларидаги реклама
Реклама транспорт воситаларида, шу жумладан, метрополитенда фақат уларнинг эгалари ёки мулкдорлари билан келишилган ҳолда ҳамда хавфсизлик талаблари ва йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ жойлаштирилиши мумкин.
Рекламани умум фойдаланишдаги транспорт воситаларида, метрополитен бекатларида, вокзалларда, портлар ва аэропортларда йўловчиларга хабар берувчи овозли тармоқлар орқали тарқатиш тақиқланади, ижтимоий рекламали ахборот бундан мустасно.
Рекламани почта жўнатмалари орқали тарқатиш белгиланган тартибда шартнома асосида амалга оширилади. (ЎзР 04.04.2006 й. ЎРҚ-28-сон Қонуни таҳриридаги қисм), (Олдинги таҳририга қаранг)
22-модда. Дори воситалари, тиббий буюмлар,
косметика ва маиший кимё воситалари рекламаси
Дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шарт:
дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан, халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи;
дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш ҳақидаги ахборот.
Қуйидагиларни реклама қилиш тақиқланади:
фақат шифокорнинг кўрсатмаси (рецепти) бўйича бериладиган дори воситалари;
таркибида гиёҳвандлик воситалари ва (ёки) психотроп моддалари бўлган дори воситалари;
Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланишга рухсат берилмаган дори воситалари.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатисиз қуйидагиларни реклама қилиш тақиқланади:
вояга етмаганларга мўлжалланган дори воситалари;
даволаш сеанслари, гипноздан ва руҳий ёки биоэнергетик таъсирнинг бошқа усулларидан фойдаланиб амалга ошириладиган шунга ўхшаш тадбирлар;
тиббий йўсиндаги буюмлар, тиббий техника, гигиена воситалари, дезинфекция, дезинсекция ва дератизация воситалари;
даволаб бўлмайдиган ёки даволаш қийин бўлган касалликларга нисбатан самарали терапевтик усул.
Қўлланиши ва реализация қилиниши юзасидан тегишли давлат органлари махсус рухсатнома бермай туриб косметика воситалари, маиший кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, витаминли ва биологик жиҳатдан таъсирчан озиқ-овқат қўшимчаларини реклама қилиш тақиқланади.
Ушбу модданинг қоидалари тиббий муассасалар ва тиббиёт ходимлари учун мўлжалланган рекламага татбиқ этилмайди. Тиббий муассасалар ва тиббиёт ходимлари учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
23-модда. Тамаки, тамаки маҳсулотлари
ва алкоголли ичимликлар рекламаси
(ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)
(Олдинги таҳририга қаранг)
Тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланади, шу жумладан:
тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар намуналарини текин тарқатиш;
тамаки, тамаки маҳсулотлари ёки алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси ёхуд тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;
тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси туширилган товарларни (футбол майкалари, бош кийимлар, ўйинлар ва бошқа шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
савдо объектларининг олд томонида, кириш (транспортда кириш) жойларида, витриналарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг тасвирлари, номларини ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатиш тақиқланади.
24-модда. Қурол-яроғ рекламаси
Қурол-яроғни реклама қилиш фақат махсус нашрларда, шунингдек бевосита овчилик қуролларини реализация қилувчи савдо ташкилотларининг биноларида ёки тегишли кўргазмаларда (тадбирларда) амалга оширилади.
25-модда. Қимматли қоғозлар ва аҳолининг
маблағларини жалб этиш билан боғлиқ
хизматлар рекламаси
Қимматли қоғозларни ва аҳолининг маблағларини (банклардаги маблағларини, суғурта маблағлари ва шу кабиларни) жалб этиш билан боғлиқ хизматларни ёки шундай хизмат кўрсатаётган шахсларни реклама қилишни бундай фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқи борлигини тасдиқлайдиган тегишли лицензия бўлган тақдирдагина амалга ошириш мумкин. Бундай хизматлар ёки шундай хизмат кўрсатувчи шахслар рекламасида кутилаётган даромадлар миқдорини, шунингдек бўлажак фойда (даромад) тўғрисидаги бошқа ахборотни маълум қилиш тақиқланади, камида бир йиллик якунларга кўра амалда тўланган фойда (даромад) бундан мустасно.
Қимматли қоғозлар ва аҳолининг маблағларини жалб этиш билан боғлиқ хизматлар рекламасига тааллуқли муносабатларни тартибга солиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
26-модда. Реклама материалларини сақлаш муддатлари
Реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи реклама материалларини охирги марта реклама эълон қилинган (кўрсатилган) кундан бошлаб бир йил давомида сақлаши шарт.
27-модда. Реклама ахборотига тааллуқли
ҳужжатлар ва материаллар олиш
Реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи ваколатли давлат органининг талабига кўра у белгилаган муддатда реклама ахборотига тааллуқли ҳужжатлар ва материалларни тақдим этиши шарт. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва тарқатувчиларнинг рекламага тааллуқли ҳужжатлари ва материалларини монеликсиз олиш ҳуқуқи ваколатли давлат органининг мансабдор шахсларига берилади. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
Тижорат сири ҳисобланган ва ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган мансабдор шахслар томонидан олинган маълумотлар ошкор қилинмаслиги лозим.
Ваколатли давлат органининг мансабдор шахслари тижорат сири ҳисобланган маълумотларни ошкор қилган тақдирда, реклама берувчига, реклама тайёрловчи ва тарқатувчига етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан, маънавий зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади. (ЎзР 30.08.2002 й. Қонуни таҳриридаги қисм)
28-модда. Аксилреклама
Ваколатли давлат органлари реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, қонунбузар мазкур органларнинг қарорига биноан ва улар кўрсатган муддатда аксилреклама бериши шарт. Аксилреклама бериш шунингдек, ихтиёрий равишда ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин. Аксилреклама беришни амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар қонунбузар томонидан қопланади.
Агар қонунбузар аксилрекламани реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи орган белгилаган муддатда бермаса, мазкур орган қонунбузарнинг рекламасини у аксилрекламани бергунга қадар тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахс билан шартнома тузган тарафларни бундан хабардор қилишга ҳақлидир.
Аксилреклама раддия берилаётган реклама эълон қилинган айни ўша оммавий ахборот воситаларида, айни ўша муддат, макон, жой ва тартибдан фойдаланган ҳолда берилади.
Аксилрекламанинг мазмуни қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган ва уни тузатиш тўғрисида қарор қабул қилган тегишли давлат органи билан келишилади. Айрим ҳолларда бу органнинг қарорига биноан аксилреклама бериладиган оммавий ахборот воситаси, муддати, жойи ва тартиби ўзгартирилишига йўл қўйилиши мумкин.
29-модда. Реклама тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
ЎзР 17.09.2010 й. ЎРҚ-259-сон Қонунига мувофиқ иккинчи ва учинчи қисмлари қуйидаги мазмундаги иккинчи-еттинчи қисмлар билан алмаштирилган (Олдинги таҳририга қаранг)
Реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва реклама тарқатувчилар — юридик шахслар ваколатли давлат органи томонидан қуйидаги миқдорларда жаримага тортилиши мумкин:
нотўғри реклама берганлик, аксилреклама беришдан бош тортганлик, реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун — энг кам иш ҳақининг етмиш бараваридан юз бараваригача миқдорда;
реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини тугатиш ҳақидаги кўрсатмани ўз муддатида бажармаганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик учун — энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача микдорда;
реклама ахборотига тааллуқли ҳужжатлар ва материалларни ваколатли давлат органига белгиланган муддатда тақдим этмаганлик ёки атайин нотўғри маълумотлар такдим этганлик учун — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда.
Реклама берувчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг реклама тайёрлаш учун тақдим этиладиган ахборотнинг мазмунига доир қисми бузилганлиги учун, агар ушбу қонунбузарлик реклама тайёрловчининг ёки реклама тарқатувчининг айби билан юз берганлиги исботланмаса, жавобгар бўлади.
Реклама тайёрловчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг реклама тайёрлашга доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.
Реклама тарқатувчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг рекламани тарқатиш вақти, жойи ва воситаларига тааллуқли қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.
Тадбиркорлик субъектларига жарима солиш суд томонидан, улар содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлган ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда эса, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектининг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг жами йигирма фоизидан ортиқ миқдорда жарима ундириш тадбиркорлик субъектига ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан ундириладиган суммани олти ой мобайнида ойма-ой бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолда амалга оширилади.
Жарима тўлаш ваколатли давлат органининг қарори ёки кўрсатмасини бажариш ёки реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни содир этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
30-модда. Низоларни ҳал этиш
Реклама тайёрлаш ва тарқатиш жараёнида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов