Вазирлар Маҳкамасининг
2011 йил 5 августдаги
228-сон қарорига
2-ИЛОВА
I. Умумий қоидалар
II. Комиссиянинг вазифалари
III. Комиссиянинг функциялари
IV. Комиссиянинг ҳуқуқлари
V. Комиссия таркиби ва унинг ишларини ташкил этиш
VI. Комиссия томонидан экспертиза ўтказиш
ва унинг натижаларини кўриб чиқиш тартиби
VII. Комиссия томонидан қарорлар қабул қилиш
ва уларнинг бажарилишини ташкил этиш
VIII. Якунловчи қоидалар
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ушбу Низом Ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) фаолиятини тартибга солади.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.
2. Комиссия фаолияти тенг ҳуқуқлилик, фикрларни эркин ифодалаш, қарорлар ва хулосаларни коллегиал қабул қилиш, Комиссия ваколатига кирадиган масалаларнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ҳал этилишини таъминлаш тамойилларига асосланади.
3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ
4. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
миллий ахборот макони ва оммавий коммуникация воситалари фаолияти, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернетнинг глобал тармоғи, ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари, шунингдек босма маҳсулотлар мониторинги натижаларини кўриб чиқиш;
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасида мониторинг маркази томонидан тақдим этиладиган мониторинг материалларини оммавий коммуникация воситаларида тарқатиладиган ахборот материалларининг ахборот соҳасида шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий онгига бузғунчи салбий ахборот-руҳий таъсирнинг олдини олишга, миллий-маданий анъаналар ва меросни сақлаб қолиш ва уларнинг узвийлигини таъминлашга йўналтирилган республика қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш;
оммавий коммуникациялар соҳасида хизматлар кўрсатувчи субъектлар фаолиятида қонунчилик талабларининг аниқланган бузилишлари бўйича хулосаларни тайёрлаш ва тегишли давлат органларига тақдим этиш;
миллий оммавий коммуникация воситаларининг самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилувчи муаммоларни аниқлаш;
оммавий коммуникациялар соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш.
III. КОМИССИЯНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ
5. Асосий вазифаларига мувофиқ Комиссия қуйидаги функцияларни бажаради:
оммавий коммуникация субъектлари томонидан оммавий коммуникациялар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини, шунингдек оммавий фойдаланиш учун даврий босма ва китоб маҳсулотлари, аудиовизуал маҳсулотлар ва фонограммаларнинг ишлаб чиқарилиши, тарқатилиши ва сақланишини ўрганади ва хулоса беради;
республиканинг ахборот-коммуникация тизимларида миллий онгнинг ўзгартирилишига, жамиятнинг тарихий ҳамда миллий анъаналар ва урф-одатлардан узилиб қолишига, ижтимоий-сиёсий вазиятнинг нобарқарорлашишига, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликнинг бузилишига йўналтирилган ахборотнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлайди;
миллий ахборот маконида аниқланган конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишга, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни авж олдиришга, давлат тузумига қарши қаратилган бошқа тажовузларни содир этишга оммавий даъват қилган материалларни, шунингдек уруш, зўравонлик, порнография ва шафқатсизликни, терроризм ва диний экстремизм ғояларини тарғиб қилишга йўналтирилган ахборотларни таҳлил қилади ва улар бўйича хулосалар тайёрлайди;
оммавий коммуникациялар соҳасидаги субъектлар фаолияти тўғрисидаги хулосани, аниқланган камчиликлар ва қонун бузилишларини бартараф этиш бўйича таклифларни тайёрлайди ва белгиланган тартибда тегишли давлат органларига тақдим этади;
оммавий коммуникациялар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди ва уларни ишлаб чиқишда қатнашади;
Комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
оммавий коммуникациялар соҳасидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.
IV. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
6. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан маълумотларни сўраш ва белгиланган тартибда олиш;
давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг тегишли махсус билимларга эга бўлган вакилларини экспертлар сифатида жалб этиш;
ўз мажлисларида Комиссия аъзолари ва давлат органлари масъул вакилларининг ҳисоботини эшитиш, тегишли қарорлар қабул қилиш;
Комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича эксперт хулосалари ва тавсиялар бериш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборот материалларини тарқатишни чеклаш бўйича таклифлар киритиш;
ўз ваколатлари доирасида ваколатли давлат органларига оммавий коммуникациялар соҳасидаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритиш.
V. КОМИССИЯ ТАРКИБИ ВА УНИНГ
ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
7. Комиссиянинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Кўриб чиқилаётган материалларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, Комиссия аъзолари томонидан давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан тегишли махсус билимларга эга бўлган экспертлар жалб этилиши мумкин.
8. Комиссиянинг ўз бланки бўлади. Комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ ёзишмаларни юритишда хат Комиссия раиси (унинг ўринбосари) ёки котиби томонидан имзоланади.
9. Комиссияга раис бошчилик қилади, унинг ваколатларига қуйидагилар киради:
Комиссия ишини ташкил этиш;
Комиссияга юкланган вазифаларни бажариш бўйича унинг аъзолари ишини мувофиқлаштириш;
Комиссия мажлислари кун тартибини белгилаш ва уларни чақириш;
судларда Комиссиянинг хулосаларини ҳимоя қилиш учун экспертни белгилаш;
Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этиш;
Комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш юзасидан бошқа хатти-ҳаракатларни бажариш.
10. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини Комиссия раисининг ўринбосари бажаради.
11. Комиссия аъзолари:
Комиссия ишида қатнашадилар;
Комиссия қарорларини қабул қилишда овоз беришда иштирок этадилар;
кўриб чиқиш учун киритиладиган материаллар бўйича тегишли хулосаларни ўз вақтида тақдим этадилар;
жалб этилган экспертлар рўйхатига киритиш учун экспертлар номзодларини кўриб чиқадилар;
жалб этилган экспертларнинг бажарилган иш тўғрисидаги ҳисоботларини эшитадилар.
12. Комиссиянинг ишчи органи:
Комиссиянинг навбатдаги мажлисига мониторингнинг барча натижаларини ва зарур материалларни ўз вақтида тайёрлашни таъминлайди ҳамда унинг тегишли қарорини олади;
таҳлилий материалларни тайёрлашни ва кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлисларини ўтказишни ташкил этади;
Комиссиянинг кўриб чиқиши учун қўшимча ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек Комиссиянинг ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилиш учун бошқа зарур маълумотларни тақдим этади.
13. Комиссия котиби:
барча зарур ҳужжатлар Комиссиянинг навбатдаги мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
материалларни Комиссия мажлисига тайёрлаш бўйича ишчи орган ишларини ташкил этади;
кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
мажлисларни ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар таркибини Комиссия раиси билан келишади;
Комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлис ўтказиладиган сана, унинг вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;
Комиссия қарорлари ижроси мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Комиссия мажлисининг кўриб чиқиши учун тақдим этади;
Комиссия баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Комиссия аъзоларига, манфаатдор давлат органларига ва бошқа ташкилотларга юборади.
VI. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ЭКСПЕРТИЗА
ЎТКАЗИШ ВА УНИНГ НАТИЖАЛАРИНИ
КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ
14. Комиссия давлат органлари (суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқалар)нинг ҳар бир аниқ мурожаати бўйича материаллар олинган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида жалб этилган экспертлардан экспертни (экспертларни) тасдиқлайди.
15. Экспертиза Комиссия томонидан материаллар Комиссияга тушган санадан 30 кун мобайнида ўтказилади.
16. Эксперт (экспертлар) тақдим этилган материалларни 15 кун муддатда ўрганади ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш учун Комиссияга тақдим этади.
17. Эксперт кўриб чиқиш жараёнида қўшимча материалларни сўраш ҳуқуқига эга.
18. Комиссия ўз мажлисларида бажарилган ишлар тўғрисида эксперт (экспертлар)нинг ҳисоботини кўриб чиқади. Зарурият бўлганда, Комиссия ҳисоботни қайта ишлаш учун экспертга (экспертларга) қайтариш ҳуқуқига эга.
19. Комиссиянинг хулосаси Комиссиянинг мажлисида ҳозир бўлган барча аъзолари томонидан имзоланган баённома билан расмийлаштирилади.
20. Комиссиянинг хулосасида:
хулоса қабул қилинган сана;
экспертизани ўтказиш учун асос;
экспертиза предмети (экспертизага тақдим этилган материаллар рўйхати);
ўтказилган экспертиза бўйича Комиссиянинг хулосаси акс эттирилиши керак.
VII. КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ
ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ
21. Комиссия материаллар экспертизага тушишига қараб мажлис ўтказади.
22. Агар Комиссия мажлисида унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, Комиссиянинг мажлиси қонуний ваколатли ҳисобланади.
23. Комиссиянинг қарори мажлисда ҳозир бўлган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
24. Комиссия аъзосининг Комиссия қабул қилган қарордан фарқ қиладиган алоҳида фикри Комиссиянинг баённомасида акс эттирилади ёки ёзма шаклда алоҳида расмийлаштирилади ва Комиссия баённомасининг ажралмас қисми ҳисобланади.
25. Комиссиянинг баённомалари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чора-тадбирлар кўриш учун ваколатли давлат органларига юборилади.
26. Ваколатли давлат органлари белгиланган муддатларда ёзма шаклда Комиссияни кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилади.
27. Комиссия ўз мажлисларида мунтазам равишда қабул қилинган қарорлар ижросининг ҳолатини кўриб чиқади.
28. Комиссия хулосасининг асл нусхаси ва унга материаллар Комиссиянинг ишчи органида сақланади.
29. Комиссиянинг ваколатига кирадиган масалалар бўйича унинг хулосаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниши учун асос ҳисобланади.
VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
30. Комиссия фаолиятини таъминлаш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш Комиссиянинг ишчи органи томонидан амалга оширилади.
31. Комиссия йилнинг ҳар чорагида ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот тақдим этади.
«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2011 йил, 32-33-сон, 336-модда
«Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами», 2011 йил, 8-сон, 70-модда