ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА
РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ
22.04.2011 й.
N УТ04-19/1326
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг
Реклама-ахборот фаолияти бўйича
Комиссияларга
Барча оммавий ахборот воситаларига
«Истиқлол» ва «Туркистон» санъат саройларига
Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 29.10.2002 йилдаги 322-сонли буйруғи билан тасдиқланган (Адлия вазирлигида 16.11.2002 йилда 1188-сон билан рўйхатга олинган) «Театр-концерт тадбирларини ўтказишда фонограммадан фойдаланиш тўғрисида маълумотни тақдим этиш қоидалари»нинг 3-бандида фснограммадан фойдаланиш тўғрисидаги хабарда «фонограмма орқали ижро этилади» сўзлари бўлиши керак.
Таъкидланган қоиданинг 4-бандига мувофиқ, фонограммадан фойдаланилиши тўғрисида хабар театр-концерт тадбирининг рекламаси, эълонлари, анонслари, афишалари, дастурларида реклама, эълон, анонс, афиша, дастур тилида жойлаштирилади.
Театр-концерт тадбирининг рекламаси, эълони ёки анонси горизонтал жойлаштирилиши, фон билан таққослаганда аниқ гаммага эга бўлиши, экран майдонида камида 5 фоизни эгаллаши, давомлилиги реклама, эълон ёки анонснинг ўзидан кам бўлмаслиги ҳамда овоз форматида реклама, эълон ёки анонснинг бошланиши ёки охирида камида 3 секунд бўлиши керак.
Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан олиб борилаётган ўрганишларда юқорида қайд этилган қоида талабларига зид равишда рекламалар тарқатилаётганлиги кузатилмоқда.
Жумладан, аксарият театр-концерт тадбирларининг рекламаларида «жонли ижро ва фонограммадан фойдаланилади» ёки «жонли ижро ва мусиқий фонограммадан фойдаланилади» деб кўрсатилмоқда. Ваҳоланки, юқорида таъкидлаганимиздек рекламаларда «фонограмма орқали ижро этилади» деган сўзлар бўлиши шартлиги белгиланган.
Бундан ташқари, рекламалардаги фонограммадан фойдаланиш ҳақидаги маълумот жами реклама майдонининг 5 фоизидан кам майдонда ва фон билан таққослаганда аниқ гаммага эга бўлмаган ҳолда, кўриб ёки ўқиб бўлмайдиган даражада жойлаштирилиши, шунингдек уларни қонун ҳужжатларида белгиланмаган жойларда (кўча устунларига, дархтлар, бино ён томонлари) тарқатилиши кузатилмоқда.
Мазкур ҳолатлар эса, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган — нотўғри реклама берилишига, хусусан «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13 ва 20-моддалари талабларининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Таъкидлаш жойизки, нотўғри реклама берганлик ёки ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик учун реклама берувчи ва тарқатувчилар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-1-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.
Юқоридагиларга асосан, Сиздан мазкур ҳолатларни ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш мақсадида, ушбу жараёнларни қаттиқ назоратга олишингиз сўралади ва огоҳлантирилади.
Қўмита раисининг
биринчи ўринбосари У. Турдиев