ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
24.05.2011 й.
N ПҚ-1536
Ўзбекистон Республикасининг
интеллектуал мулк агентлигини
ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тузилмасини янада такомиллаштириш ва бошқарув ходимлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 20 декабрдаги ПҚ-1444-сон қарорига мувофиқ ҳамда иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнига инновациявий технологиялар ҳамда илмий-техникавий ишланмаларни кенг татбиқ этишни рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни ишончли муҳофаза қилиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ҳамда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги негизида Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ҳамда бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва бошқа интеллектуал мулк объектлари экспертизасини ўтказиш ҳамда уларни давлат рўйхатига олиш;
инновациявий технологиялар ҳамда ихтироларни, илмий-техникавий ва саноат ишланмаларини, бадиий-конструкторлик ҳамда ижодий ишларнинг бошқа турларини ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этишга ҳар томонлама кўмаклашиш;
патент ҳужжатларининг давлат фондини ҳамда интеллектуал мулкнинг расман рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, уларнинг сақланишини таъминлаш ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароит яратиш;
интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини қатъий назорат қилиш, республика ҳудудига қалбаки товарларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва айланишига чек қўйиш чораларини кўришда ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;
интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулк соҳасида кадрларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш.
3. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги ташкилий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган сони 68 кишидан иборат унинг марказий аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги бош директорига бошқарув ходимларининг умумий белгиланган сони доирасида марказий аппаратнинг тузилмасига зарур ҳолларда ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги:
Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси ҳамда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлигининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси;
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотида ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикасини ифодаловчи ваколатли орган ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги бир ой муддатда:
Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун киритсин;
Қаранг: ВМ 2011 йил 8 июндаги 166-сон Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўгрисида»ги Низом
интеллектуал мулк соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича Ўқув марказининг тузилмасини ҳамда Уставини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, унинг юқори малакали мутахассислар ва зарур моддий-техника базаси билан бутланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги интеллектуал мулк объектлари ҳуқуқий эгаларининг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш юзасидан судларга бериладиган даъво аризалари бўйича давлат божи тўлашдан озод этилсин.
7. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги Тошкент шаҳри, Мустақиллик хиёбони, 59-уй манзилига жойлаштирилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти тузилмасини тасдиқлаш тўғрисида» 2007 йил 21 сентябрдаги Ф-2836-сонли фармойишига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини қисман ўзгартириш тўғрисида» 2009 йил 13 ноябрдаги ПҚ-1227-сонли қарори 4-иловасининг 10-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
*) 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг
2011 йил 24 майдаги
ПҚ-1536-сонли қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари
ахборот-таҳлил департаменти тузилмасини тасдиқлаш
тўғрисида» 2007 йил 21 сентябрдаги Ф-2836-сонли
фармойишига киритилаётган ўзгартишлар
1. 2-бандда:
а) иккинчи ва тўққизинчи хатбошидаги «муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» сўзлари «интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) ўн биринчи хатбошидаги «ҳамда муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» сўзлари «интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 1-иловада:
а) ўнинчи хатбошидаги «муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва архив иши» сўзлари «архив иши, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) ўн тўртинчи хатбошидаги «муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш» сўзлари «интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) «Мутасаддилик қилинадиган давлат ва бошқарув органлари» бўлимидаги «Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2011 йил, 22-23-сон, 227-модда.