Право и СМИ Центральной Азии

Ўзбекистон Республикасида босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида Низом

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 28 июндаги

132-сон қарорига

ИЛОВА

Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг

Ўзбекистон Республикасида босма ва китоб, телерадио-,

аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот

ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида

қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан

мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

Мазкур Низомга ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарорига мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

 

 

I. Умумий қоидалар

II. Мониторинг предмети

III. Мониторинг объектлари

IV. Маҳсулотларнинг назорат нусхаларини тақдим этиш

V. Мониторинг олиб бориш босқичлари

VI. Марказнинг ҳамда Комиссиянинг давлат

ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан

ўзаро ҳамкорлик қилиши тартиби

VII. Якунловчи қоида

 

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 7 майдаги 215-сон ва «Оммавий коммуникациялар соҳасида бошқарув тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2004 йил 24 ноябрдаги 555-сон қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

 

2. Мазкур Низом босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) томонидан тизимли мониторинг олиб бориш тартибини ҳамда Марказ ҳамда Ахборот ва коммуникациялар соҳасидаги эксперт комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (кейинги ўринларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари деб юритилади) билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тартибини белгилайди. (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарори таҳриридаги банд)

 

3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

 

аудиовизуал маҳсулотлар — ахборотнинг ҳар қандай манбаларидаги аудиовизуал асарлар (кино-, теле- ва видеофильмлар, слайдфильмлар, диафильмлар ва бошқа кино-, теле-видео- ва радио асарлар, фонограммалар, қўшиқлар, компьютер ўйинлари);

 

Интернет тармоғининг ахборот ресурслари — Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ахборот тизимлари таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси;

 

китоб маҳсулотлари — китоб, брошюра, буклет шаклида тайёрланган босма маҳсулотлар;

 

оммавий коммуникациялар — улар воситасида ахборот мунтазам равишда тарқатиладиган (матбуот, радио, телевидение орқали, кино, аудиовидео ёзув, телекоммуникация тизимлари, шу жумладан Интернет, компьютер ўйинлари) техник воситалар, шунингдек ҳар қандай бошқа воситалар;

 

босма маҳсулотлар — босма (полиграфия) усулида тайёрланган маҳсулотлар (нашрлар);

 

ахборот хизматлари бозори субъекти — Ўзбекистон Республикасида босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғининг ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш, тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи юридик ва (ёки) жисмоний шахс;

 

оммавий коммуникациялар соҳаси — юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот-коммуникация технологиялари (космик ва йўлдош алоқа, маълумотларни узатиш тармоқлари ва Интернет ҳамда бошқалар) қўлланилган ҳолда радио ва теледастурларни, бошқа оммавий ахборотни, компьютер ўйинларини тайёрлаш, шакллантириш, қайта ишлаш, қайта трансляция қилиш, эшиттириш ва сақлаш, шунингдек ахборотнинг ҳар қандай манбаларида (аудио- ва видеокассеталар, видео-компакт-дисклар ва ҳоказолар) оммавий фойдаланиш учун даврий босма ва китоб маҳсулотлари, аудиовизуал маҳсулотлар ва фонограммаларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва сақлаш бўйича фаолияти;

 

телерадиомаҳсулот — теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларнинг алоҳида чиқарилиши.

 

 

II. МОНИТОРИНГ ПРЕДМЕТИ

4. Босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан риоя қилинишини ўрганиш учун мўлжалланган ва қуйидагиларни таъминлайдиган комплекс тадбирларни амалга ошириш ушбу соҳада қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан олиб бориладиган мониторинг предмети ҳисобланади:

а) қонун ҳужжатлари талаблари бузилишларини тезкорлик билан аниқлаш, шу жумладан, ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан:

лицензия битимлари ва давлат рўйхатига олиш шартларига риоя қилинмаслиги ҳолатларини аниқлаш, шунингдек ўз фаолиятини лицензиясиз ва давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошираётган субъектларни аниқлаш;

босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида давлат ва тармоқ стандартларига;

хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш тартибига риоя қилинмаслиги ҳолатларини аниқлаш;

б) ваколатли органларни ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар тўғрисида хабардор қилиш;

в) босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

 

5. Мониторинг доимий асосда амалга оширилади.

 

 

III. МОНИТОРИНГ ОБЪЕКТЛАРИ

6. Қуйидагилар мониторинг объектлари ҳисобланади ва ўрганилиши керак:

босма нашрлар ва китоб маҳсулотлари;

аудиовизуал маҳсулотлар;

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг, телерадио студияларининг (эфир, кабель, эфир-кабель телевидениеси, радио эшиттириш) маҳсулотлари;

хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадио маҳсулотлари;

ахборот агентликлари маҳсулотлари;

Интернет тармоғининг ахборот ресурслари.

 

7. Мониторинг Марказ ва унинг минтақавий бўлимлари томонидан амалга оширилади.

 

8. Мониторинг ахборот хизматлари бозори субъекти давлат рўйхатига олинган жойда амалга оширилади.

 

9. Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариладиган ва тарқатиладиган маҳсулотлар, шунингдек хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадио маҳсулотлари мониторинги Марказнинг марказий аппарати томонидан олиб борилади.

 

 

IV. МАҲСУЛОТЛАРНИНГ НАЗОРАТ

НУСХАЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

10. Мониторинг олиб борилишини таъминлаш мақсадида ахборот хизматлари бозори субъектлари Марказга ёхуд унинг минтақавий бўлимларига даврий босма нашрлар, китоб ва аудиовизуал маҳсулотларнинг назорат нусхаларини бепул тақдим этадилар.

 

11. Тошкент шаҳридаги ахборот хизматлари бозори субъектлари назорат нусхаларини бевосита Марказга етказиб беради. Фаолиятини бошқа минтақаларда амалга оширадиган ахборот хизматлари бозори субъектлари назорат нусхаларини Марказнинг минтақавий бўлимларига етказиб берадилар.

 

12. Ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан назорат нусхалари Марказга ёхуд унинг минтақавий бўлимларига етказиб берилиши устидан назорат:

аудиовизуал маҳсулотлар (шу жумладан, чет элдан олиб келинадиган аудиовизуал маҳсулотлар) бўйича — Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (аудио маҳсулотлар импорти бўйича), «Ўзбеккино» миллий агентлиги (кино-видео маҳсулотлар импорти бўйича) ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;

босма ва китоб маҳсулотлари (газеталар, журналлар, китоблар, ахборотномалар, бюллетенлар ва ҳоказолар) бўйича Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади.

 

 

V. МОНИТОРИНГ ОЛИБ

БОРИШ БОСҚИЧЛАРИ

13. Мониторинг уч босқичда олиб борилади:

биринчи босқичда — ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган ва тарқатиладиган маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотлар тўпланади ва умумлаштирилади;

иккинчи босқичда — ахборот хизматлари бозори субъектларининг тарқатиладиган маҳсулотининг мазмуни босма ва китоб, телерадио-, аудиовизуал маҳсулотлар ва Интернет тармоғи ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва тарқатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилади;

учинчи босқичда — ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг аниқланган ҳолатлари бўйича Марказ сабаблари асосланган хулоса, огоҳлантириш ва тавсиялар тайёрлайди.

Хулосалар мониторинг давомида аниқланган қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйган ахборот хизматлари бозори субъектларига нисбатан тегишли чора-тадбирлар кўриш учун тайёрланади ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилади.

Огоҳлантиришлар ахборот хизматлари бозори субъекти томонидан қонун ҳужжатлари бузилган ва бундан кейин қонун бузилишига йўл қўймасликка ва бўлиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга йўналтирилган шошилинч чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган истисно ҳолларда тайёрланади ва бевосита ахборот хизматлари бозори субъектига юборилади. Огоҳлантириш мониторинг тамом бўлгандан кейин 5 иш кунидан кечикмай юборилади. Огоҳлантириш билан бир вақтда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига юбориладиган хулоса тайёрланади.

Тавсиялар қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш бўйича таклифлар билан бирга, шунингдек оммавий коммуникациялар соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида тайёрланади ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига киритилади.

Мониторинг натижалари эксперт хулосаси олиш зарурияти бўлганда Комиссияга кўриб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва унинг хулосасини тайёрлаш, шунингдек эксперт хулосасини кейинчалик давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юбориш учун тақдим этилади. (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

 

 

VI. МАРКАЗНИНГ ҲАМДА КОМИССИЯНИНГ ДАВЛАТ

ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ БИЛАН

ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШИ ТАРТИБИ

(ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарори таҳриридаги бўлим номи)

14. Марказ мониторинг тамом бўлгандан кейин 5 иш кунидан кечикмай хулоса ва тавсияларни уларнинг ваколатларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборади.

Ҳуқуқ бузилишларининг айрим ҳолатлари бўйича эксперт хулосаси олиш зарурияти бўлганда Марказ мониторингнинг тегишли натижаларини кўриб чиқиш учун Комиссияга киритади, Комиссия мониторинг натижалари олинган санадан 30 кундан кечикмай уларни экспертизадан ўтказади, ўз хулосаларини тайёрлайди ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юборади. (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)

 

15. Қуйидагилар ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан йўл қўйилган қонун ҳужжатлари талабларининг аниқланган бузилишлари бўйича Марказ ҳамда Комиссия томонидан хулосалар, огоҳлантиришлар ва тавсиялар беришнинг мақсади ҳисобланади: (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўйган ахборот хизматлари бозори субъектларига нисбатан тегишли чоралар кўриш;

шахс, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича республика қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлган ахборот тарқатилишининг олдини олиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатишнинг белгиланган тартибига юридик шахслар томонидан риоя қилиниши.

 

16. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Марказнинг ҳамда Комиссиянинг тавсиялари ва хулосалари асосида тегишли қарорлар қабул қилади ва уларни ахборот хизматлари бозори субъектлари эътиборига етказади, шунингдек мавжуд камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўради. (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарори таҳриридаги банд)

 

17. Марказнинг ҳамда Комиссиянинг тавсиялари ва хулосаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг ахборот хизматлари бозори субъектлари томонидан бажарилиши устидан назорат тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади. (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарори таҳриридаги банд)

 

18. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қабул қилинган қарорлар, Марказ ҳамда Комиссия томонидан берилган тавсиялар ва хулосаларни кўриб чиқиш натижалари, шунингдек мавжуд камчиликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида Марказни ҳамда Комиссияни тавсиялар ва хулосалар олинган кундан бошлаб 40 календарь кундан кечикмай ёзма шаклда хабардор қилади. (ЎзР ВМ 01.10.2011 й. 273-сон Қарори таҳриридаги банд)

 

19. Марказ ва унинг минтақавий бўлимлари мониторинг натижалари ва улар юзасидан қабул қилинган қарорлар бўйича маълумотлар базасини яратадилар ва юритадилар.

 

 

VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

20. Мониторинг олиб бориш давомида ахборот хизматлари бозори субъектларининг хўжалик фаолиятига аралишишга йўл қўйилмайди.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», 2007 йил, 25-26-сон, 265-модда.